6 ноябрь куни Ижтимоий фанлар кафедрасида ОМҲ факультети 104, 105 гуруҳ талабалари билан “Замонамизнинг глобалл муаммолари” мавзусида талабалар конференцияси ўтказилди. Конференцияда бугунги кунда инсоният глобал муаммолар билан тўқнаш келганлиги қайд этган ҳолда, талабалар ва ўқитувчилар бундай муаммоларнинг келиб чиқиш сабаблари, мазмун-моҳияти ва ечимлари ҳақида фикр алмашдилар.
Конференцияни Ижтимоий фанлар кафедраси доценти Атамуратова Ф.С. бошлаб берди. У глобал муаммолар қаторига демографик, энергетик, хом ашё муаммолари, уруш ва тинчлик муаммоси, экология, терроризм ва бошқалар киришини, ушбу муаммолар илгари ҳам мавжуд эканлиги, лекин фақат ХХ асрдагина улар глобал муаммоларга айланганлигини ва планетар характерга эга эканлигини айтиб ўтди.
Шундан сўнг, сўз талабаларга берилди. Биринчи бўлиб, 104 гуруҳ талабаси Орифова Сайёра “Глобаллашув тушунчасининг мазмун-моҳияти” мавзуси билан сўзга чиқди. У “глобаллашув” атамасининг муомалага кириб келиши, ушбу тушунчанинг турли таърифлари, ижобий ва салбий томонларини очиб берди.
105 гуруҳ талабалари Тўлиева Феруза ва Эрматова Умида “Уруш ва тинчлик муаммоси” ни ёритиб бердилар. Хусусан, “Совуқ урушнинг” тугатилиши, блокларнинг ҳарбий-сиёсий қарама-қаршилигининг бартараф этилиши, халқаро вазиятнинг умумий яхшиланиши урушни онгли равишда бошланиш хавфини анча камайтирганлигини, бироқ унинг тасодифан бошланиб кетиш хавфи сақланиб қолаётганлиги, шу сабабли ушбу глобал муаммо фақат глобал қуролсизланиш ва биринчи навбатда, оммавий қирғин қуролларининг йўқ қилиниши орқали ҳал этилиши мумкинлиги ҳақида гапирдилар.
105 гуруҳ талабаси Сайфуллаева Мохинур “Демографик муаммо”, яъни ҳозирги пайтда Ер аҳолиси йилига 90 млн. га ёки бир секундда уч кишига кўпайишининг кузатилаётганлиги, бу эса ўз навбатида кўплаб касалликларнинг тарқалиши муаммоси (юқумли касалликлар, СПИД ва ҳоказо); қашшоқлик, аҳолининг катта қисмининг камбағаллашуви муаммолари; иш билан банд бўлмаганларнинг кўпайиши муаммоси; жиноятчилик ва антиижтимоий хулқ-атворнинг бошқа шакллари (фоҳишалик, ичкиликбозлик, гиёҳвандлик ва бошқалар); таълим ва ижтимоий таълимот муаммоси; маданият ва ахлоқни сақлаш муаммолари ва бошқаларни келтириб чиқараётганлиги ҳақидаги маълумотларни берди.
105 гуруҳ талабаси Исоқжонова Мафтуна “Энергия муаммоси”, хусусан, ўнта энг ривожланган мамлакатлар бутун энергиянинг 70% ни истеъмол қилгани ҳолда (уларнинг аҳолиси Ер шари аҳолисининг 7% га яқинини ташкил этади), ривожланаётган мамлакатлар (сайёра аҳолисининг 78%) ишлаб чиқарилаётган энергиянинг фақат 18% билан кифояланишга мажбурлиги, бу муаммонинг аспектлари: ривожланган жамиятлар тобора кўпроқ энергияни талаб қилаётганлиги; қанча кўп энергия ишлатилса, унинг манбалари шунча камайиши; қанча кўп ёнилғи истеъмол қилинса, атроф-муҳит шунчалик кўп даражада ифлослананиши ва энергетик муаммони ҳал этиши йўллари: энергиянинг янги, хавфсиз ва нисбатан арзон бўлган манбаларини қидириб топиш; анъанавий саноат материаллари ўрнига анча енгил, арзон, кам энергия сарфланадиган материаллардан фойдаланиш ҳақида тўлиқ маълумотларни берди.
104 гуруҳ талабаси Казакова Рўзигул ва 105 гуруҳ талабаси Серикбаева Айгерим “Хом-ашё муаммоси” ҳақида маъруза қилдилар. Ўз маърузаларида улар ҳозирги пайтда 1970 йилдагига нисбатан уч марта кўп фойдали қазилмалар қазиб олинаётганлиги; бу муаммосининг ҳал этилиши хом-ашёнинг қиммат ва олиш қийин бўлган турларини арзон ва осон олинадиган турларига алмаштириш, ресурсларни тежайдиган технологияни жорий этиш, ишлаб чиқаришни миқдор кўрсаткичларидан сифат кўрсаткичларига қайта йўналтириш кераклигини айтиб ўтдилар.
104 гуруҳ талабаси Қаршиева Озода “Озиқ-овқат муаммоси” ҳақида, фақат Осиё ва Африка мамлакатларининг ўзидагина очликдан бир кунда 1200 тагача киши ҳалок бўлаётганлиги, бу муаммога албатта, ҳеч бир инсон бефарқ бўлиши мумкин эмаслигини ва муаммони ҳал қилиш учун инсоният бир ёқадан бош чиқариши шарт эканлиги ҳақида гапирди.
104 гуруҳ талабалари Исроилова Фотима ва Хабибуллаев Шукурулло “Экология муаммоси”, шу гуруҳ талабаси Исмоилова Нигора “Орол муаммоси” ҳақида кўплаб маълумотларни бериб ўтдилар. Орол муаммосига таалуқли бўлган видеороликни намойиш этиб, бу ҳақда ўз тенгдошларининг ва ўқитувчиларнинг фикрлари билан қизиқиб, ўртага бир нечта саволларни ташладилар ва жавобларни олдилар.
Охирги бўлиб 104 гуруҳ талабалари Билоллидинова Муслима ва Тўлқинова Дурдоналар “Терроризм муаммоси” ҳақида маъруза қилдилар. Ўз маърузаларида улар ўта хавфли террористик гуруҳлар ва энг йирик террористик актлар ҳақида гапириб ўтдилар. Шу билан бирга, ёшларни терроризм билан маърифат орқали курашишга чорладилар.
Шу билан конференция иштирокчилари ўз маърузаларини тугатдилар. Конференциянинг якунида Ижтимоий фанлар кафедраси мудири Норқулов С.Д. сўзга чиқди. У конференция жуда қизиқарили бўлиб ўтганлигини, талабалар фаол иштирок этганликларини айтиб, уларга ўз миннатдорчилиги билдирди ва фаол иштирокчиларни сертификат билан тақдирлади.