Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–5590-сон Фармонига мувофиқ:
1. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги (кейинги ўринларда – Вазирлик) ва унинг ҳудудий органларининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:
аҳолига сифатли ва ўз вақтида тиббий хизматлар кўрсатишни таъминлашда, шу жумладан, давлат томонидан кафолатланган ҳажмларда, Вазирликнинг органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг роли ва масъулиятини оширишга йўналтирилган фуқароларнинг соғлиғини сақлаш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;
демографик ўзгаришлар ва соғлиқни сақлашни ривожлантириш истиқболларини прогнозлаш, аҳолининг саломатлиги ва касалланиши ҳолатини комплекс таҳлил қилиш;
жамоат соғлиғини сақлаш устуворлигини, касалликларни профилактика қилиш ва олдини олиш, патронаж хизмати ва фуқароларни уйма-уй юриб кўриб чиқиш, аҳолини соғлом турмуш тарзини кечиришга ундаш, уларнинг тиббий саводхонлигини ошириш, энг аввало, ўз соғлиғи ва атрофидагилар соғлиғини муҳофаза қилишга масъулият руҳида тарбиялашни таъминлаш;
соғлом авлодни дунёга келтириш ва тарбиялаш, ҳаёт сифати ва узоқ умр кўриш даражасини ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, аҳолининг соғлиғини сақлаш ва санитария-эпидемиологик осойишталик соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишларини ишлаб чиқиш;
ҳам тиббий ёрдамни хизмат кўрсатилаётган аҳолига яқинлаштириш, ҳам ахборот технологияларини (телетиббиёт), медицина стандартларини, протоколлар ва тавсияларни кенг миқёсда жорий этиш ҳамда етакчи хорижий ва маҳаллий мутахассисларнинг тажрибасини минтақавий тиббиёт муассасаларининг тиббиёт ходимларига бериш орқали аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий-санитар, шошилинч ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдам сифати, оммабоплиги ва тезкорлигини ошириш;
дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникалар муомаласини давлат томонидан тартибга солиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, уларни, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўллашга рухсат этилган асбоб-ускуналарни стандартлаштириш ва сертификатлаштириш;
ёлғиз қариялар, пенсионерлар, ногиронлиги бор шахсларнинг ижтимоий ҳимоя қилинишини такомиллаштириш, уларни даволашни, тизимли соғломлаштиришни ташкил этиш, профилактик тадбирларни кенгайтириш, даволанишнинг замонавий услубларини қамраб олиш ва қўллаш йўли билан тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш даражаси ва сифатини ошириш;
тиббий таълим муассасалари, олий ўқув юртидан кейинги таълим ва соғлиқни сақлаш мутахассисларининг малакасини ошириш ҳамда қайта тайёрлаш устидан услубий раҳбарликни таъминлаш орқали тиббий кадрлар тайёрлаш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш ва норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш;
маҳаллий тажрибани ва энг яхши жаҳон ютуқларини уйғунлаштириш асосида тиббиёт фанини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ва прогнозлаштириш, илмий тиббий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш, соғлиқни сақлаш амалиётига фан, техника ютуқларини ва илғор тажрибани жорий этиш;
соғлиқни сақлаш тизимида ягона ташкилий-услубий раҳбарлик қилишни ва кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати назорат қилинишини таъминлайдиган, замонавий, халқаро амалиётда синалган соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш усулларини жорий қилиш.
2. Соғлиқни сақлашда давлат сиёсатининг устувор йўналишларини мувофиқлаштирилган ҳолда амалга оширишни таъминлаш мақсадида белгилансинки:
а) Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири қуйидагиларга шахсан масъулдир:
фуқароларнинг соғлиғини сақлаш соҳасида ривожланиш давлат дастурларини амалга ошириш, касалликларни профилактика, диагностика
қилиш ва даволаш бўйича замонавий ёндашувларни, стандартларни ва нормативларни, шунингдек, бошқа тадбирларни ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва аҳолининг тиббий маданиятини ошириш;
тиббий ташкилотлар менежменти кўникмасига ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга бўлган, ҳар томонлама ривожланган мутахассисларни жалб қилишга қаратилган бошқарув кадрларини тайёрлаш, танлаб олиш ва жой-жойига қўйишнинг мутлақо янги тизимини яратиш;
Вазирлик ва ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқарув органларининг ишини самарали ташкил этиш, тиббиёт ташкилотларини мувофиқлаштириш ва назорат қилишнинг таъсирчан тизимини яратиш, уларнинг фаолияти очиқлигини ва аҳоли билан тўғридан-тўғри манзилли мулоқот ўрнатишини таъминлаш, фуқароларнинг тиббий хизмат кўрсатиш сифатидан қаноатланганлигини мониторинг қилиш ва баҳолаш тизимини татбиқ этиш;
тиббий таълим ва тиббиёт фанини ривожлантириш, инновация ва “электрон соғлиқни сақлаш” тизимини татбиқ этиш, мажбурий тиббий суғурта дастурларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, тиббий туризм ва давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш;
аҳоли ва тиббиёт ташкилотлари эҳтиёжларини тўлиқ қоплаш мақсадида ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббий буюмлар рўйхатини шакллантириш ва ўз вақтида янгилаш;
б) ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқарув органлари раҳбарлари қуйидагиларга шахсан масъулдир:
тиббий ва тиббий-ижтимоий ташкилотларнинг ҳудудий тармоқлари фаолиятини самарали ташкил этиш, бирламчи тиббий-санитария, ихтисослаштирилган ва шошилинч тиббий ёрдамнинг сифати ва оммабоплиги, идоравий бўйсунувидаги ҳудудда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги таъминланишини назорат қилиш;
соғлиқни сақлаш соҳасида ривожланиш ҳудудий дастурларини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, тиббиёт ташкилотларини ва аҳолини дори воситалари ва тиббий буюмлар билан узлуксиз таъминлаш, тиббий ва махсус техниканинг самарали ишлаши ва ўз вақтида янгиланиши;
тиббий ёрдамни босқичма-босқич ва изчиллик принципи асосида уларнинг оқимларини оқилона ва асосли маршрутлаш йўли билан беморларни турли даражадаги (турдаги) тиббиёт ташкилотларига йўналтиришнинг холис тизимини ташкил этиш;
соғлиқни сақлаш соҳасида фуқаролар ҳуқуқига риоя қилиш назоратини таъминлаш, тиббиёт ва фармацевтика ташкилотларига сифат менежменти тизимини татбиқ этиш;
соғлиқни сақлаш муассасаларини малакали кадрлар билан таъминлаш, уларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш бўйича зарур тадбирларни амалга ошириш;
в) туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари қуйидагиларга шахсан масъулдир:
оила саломатлиги, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, касалликлар профилактикаси, диспансеризация, патронаж ва уйма-уй юриш бўйича тадбирларни самарали амалга ошириш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва фуқароларнинг ўз соғлиғига масъуллигини ошириш;
тиббий хизмат изчиллигини ва бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг туман (шаҳар) ихтисослаштирилган тиббиёт ташкилотлари билан яқиндан ўзаро алоқасини таъминлаш;
давлат томонидан кафолатланган ҳажмларда аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш, пуллик тиббий хизматни амалга ошириш, соғлиқни сақлаш харажатларини молиялаштириш учун ўз манбаларини шакллантириш;
соғлиқни сақлаш ва фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида тадбирларнинг манзиллилиги ва натижадорлигини ошириш мақсадида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва жамоат ташкилотлари билан фаол ҳамкорлик қилиш;
тасарруфидаги ташкилотлардаги бино ва иншоотлар, ускуналар, тиббий техника ва бошқа моддий қийматликларни сақлаш ва улардан самарали фойдаланиш.
3. Вазирликнинг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:
а) Хусусийлаштириш ва пуллик хизматларни ташкил қилиш марказини, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармасининг хусусийлаштириш ва пуллик хизматларни ташкил қилиш бўлимларини;
“Ўзмединфо” электрон соғлиқни сақлашни ривожлантириш марказини тугатиш;
б) Вазирлик тузилмасида Давлат-хусусий шерикликни ва тиббий туризмни ривожлантириш бош бошқармаси (кейинги ўринларда – Бош бошқарма) ва унинг ҳудудий бўлимларини ҳамда давлат унитар корхонаси шаклида Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш марказини (кейинги ўринларда – Марказ) ташкил этиш.
4. Белгилансинки:
а) Бош бошқарма бошлиғи ва Марказ директори Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади;
Бош бошқарма ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимлари бошқарма бошлиғининг тақдимномалари бўйича Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади;
Бош бошқарманинг ҳудудий бўлимлари ўз фаолиятида Бош бошқарма бошлиғига бўйсунади ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиқлари томонидан мувофиқлаштирилиб борилади;
Бош бошқарма ва унинг ҳудудий бўлимларини молиявий таъминлаш Ривожлантириш ва соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларини моддий рағбатлантириш жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади.
б) қуйидагилар мазкур қарорнинг 3-бандига мувофиқ тугатилаётган ташкилотларнинг ҳуқуқий ворислари ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги – Хусусийлаштириш ва пуллик хизматларни ташкил қилиш маркази ҳамда “Ўзмединфо” электрон соғлиқни сақлашни ривожлантириш маркази ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича;
Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси – Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармасининг тегишлича хусусийлаштириш ва пуллик хизматларни ташкил қилиш бўлимлари ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича.
5. Вазирлик икки ой муддатда янги ташкил этилаётган бўлинмаларни назарий билимлар ва амалий кўникмаларга эга, топширилган вазифаларни профессионал даражада таъминлайдиган юқори малакали мутахассислар билан тўлдирсин.
6. Қуйидагилар:
а) Бош бошқарманинг асосий вазифалари этиб:
вазирлик ва унинг ҳудудий органлари таркибий бўлинмалари билан биргаликда соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик асосида инфратузилма лойиҳаларини ташкил этиш ва амалга ошириш;
тиббиёт ташкилотларининг мол-мулкини, шу жумладан, ер участкаларини муомалага киритиш бўйича таклифларни тайёрлаш, давлат-хусусий шериклик асосида инвестицияларни жалб этиш;
маҳаллий тиббиёт ташкилотларининг тиббий туризм салоҳиятини тубдан оширишга йўналтирилган кириш тиббиёт туризмини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни қабул қилиш;
вазирликнинг бошқа таркибий бўлинмалари билан биргаликда кириш тиббиёт туризмини ривожлантириш бўйича ҳудудий дастурларни тайёрлаш ва уларнинг амалга оширилишини мониторинг қилиш, хорижий инвестицияларни, шунингдек, тиббиёт ташкилотларининг сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантиришда халқаро молия институтлари ва бошқа ташкилотларининг кредитлари ва грантларини жалб этиш;
давлат тиббиёт муассасаларида пуллик хизматлар кўрсатишни ташкил этиш ва амалга ошириш, уларнинг номенклатураси ва ҳажмларини кенгайтириш.
б) Марказнинг асосий вазифалари этиб:
ахборот тизимлари, ресурслар ва соғлиқни сақлаш миллий маълумотлар базаларини яратиш, ривожлантириш ва кузатиб бориш бўйича ягона сиёсатни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
корпоратив тармоқларни яратиш, ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, Вазирликнинг ахборот хавфсизлигини таъминлаш;
Вазирликнинг ахборот хавфсизлиги таҳдидларини ўз вақтида аниқлаш ва унга қарши курашиш, ахборот хавфсизлиги талабларига риоя қилинишини назорат қилиш ва мониторингини олиб бориш, ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базаларини муҳофаза қилиш бўйича техник инфратузилмани татбиқ этиш ва ривожлантириш;
“электрон соғлиқни сақлаш” норматив ва норматив-ҳуқуқий базасини ишлаб чиқиш, интеграциялашган ахборот тизимлари ягона комплексини жорий этиш ва кузатиб бориш;
тиббиёт ташкилотларида ахборот тизимлари, илғор ахборот технологиялари ва дастурий маҳсулотларини ишлаб чиқиш ва кузатиб боришга кўмаклашиш;
вазирликнинг ахборот тизимлари, ресурс ва маълумотлар базасини ривожлантириш, уларнинг бошқа давлат органлари ахборот тизимлари билан интеграциясини таъминлаш;
вазирлик ходимларининг ахборот тизимлари, ресурслар ва маълумотлар базасидан фойдаланиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасида малакасини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш белгилансин.
7. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимининг ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказий аппарати тузилмаси 2-иловага мувофиқ;
Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тузилмаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаларининг намунавий тузилмаси 3-5-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
Соғлиқни сақлаш бошқарув органлари ходимларининг чекланган сони 518 нафар, шу жумладан, Вазирликнинг марказий аппарати ходимларининг сони 127 нафар этиб белгилансин.
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирига Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказий аппарати ва унинг ҳудудий органлари тузилмасига ходимларнинг белгиланган умумий чекланган сони доирасида ўзгартириш киритиш ҳуқуқи берилсин.
8. Белгилансинки, Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиқлари, шунингдек, ҳудудий кўп тармоқли тиббиёт марказлари, ҳудудий болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари бош шифокорлари, ҳудудий тиббий диагностика марказлари, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири томонидан тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланадилар ва лавозимдан озод этиладилар.
9. Вазирликнинг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари бўйича жаҳон амалиётида қўлланиладиган воситалардан фойдаланган ҳолда соғлиқни сақлаш ҳисобларининг миллий тизимини татбиқ этиш бўйича таклифига розилик берилсин.
Вазирлик Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси билан биргаликда 2019 йил 1 октябрга қадар муддатда соғлиқни сақлаш ҳисобларининг миллий тизимини институтлаштириш ва тиббий хизмат кўрсатишда фойдаланилган хизматлар ва харажатлар ҳақидаги маълумотларни идоралараро тўплаш тизимини босқичма-босқич жорий этиш тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги буюртмасига асосан 2019 йил давомида “Саломатлик – 3” лойиҳаси маблағлари ҳисобидан уй-жой хўжалиги доирасида аҳолининг тиббий харажатлари бўйича ўрганишлар ўтказсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (А.А.Абдуҳакимов) уч ой муддатда тиббий ёрдам ва тиббий-ижтимоий хизмат сифатини назорат қилишни кучайтириш, соғлиқни сақлаш тизимида, шу жумладан, алоҳида давлат органини ташкил этиш масаласини кўриб чиққан ҳолда кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича таклифлар киритсин.
11. Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг розилигисиз давлат соғлиқни сақлаш муассасаларининг ер участкалари ва кўчмас мулклари бегоналаштирилиши тақиқлансин.
12. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Вазирликнинг Тошкент шаҳар, А.Навоий кўчаси, 12-уйда жойлашган биносини реконструкция қилишни Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилдаги ривожлантириш Давлат дастурига киритсин.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги Вазирлик ходимларини унинг биноси реконструкция қилиниши даврида вақтинча жойлаштириш учун бино ажратилиши бўйича чоралар кўрсин.
13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 июндаги “Соғлиқни сақлаш органларининг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–3052-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
14. Вазирлик Адлия вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
15. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.А.Абдуҳакимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри, 2018 йил 7 декабрь